ШАҲАРЛАР КЕЛИНЧАГИ. «Эрудит». 27.10.2001

Бу менинг диёрим –

ШАҲАРЛАР КЕЛИНЧАГИ

Марғилон Фарғона водийсининг сўлим шаҳарларидан биридир. Унинг тарихи жуда қадим замонларга бориб тақалади. Айтишларича, “Марғилон” сўзининг келиб чиқиши буюк фотиҳ Александр Македонский номи билан боғлиқ экан. У Туронга бостириб келганида ушбу шаҳарга асос солган бўлиб, аввалига Македон деб аталган. Кейинчалик бу ном Макенон-Маргенон-Марғилон тарзида ўзгарган. Яна бир ривоятга қараганда, Македонский Марғилонга келганида маҳаллий аҳоли уни мурғ — товуқ гўшти ва нон билан кутиб олган экан. Шунда у: “Бу ер Мурғу нон шаҳри экан”, деган ва ушбу сўздан шаҳар номи келиб чиққан.

Шаҳар Буюк Ипак йўлида жойлашгани учун қадимдан бу ерда савдо-сотиқ ва айниқса, ҳунармандчилик анча ривожланган. Қўқон хонлиги даврида Марғилонда хонликнинг энг катта бозори жойлашган бўлиб, асосан, ипак билан савдо қилинган. Марғилоннинг атласлари нафақат юртимизда, балки хорижий мамлакатларда ҳам шуҳрат қозонган.

Марғилон қадимий шаҳар бўлишига қарамай, Хожа Маъоз мақбараси, ҳамда Саид Аҳмад Эшон мадрасаларини ҳисобга олмаганда, тарихий меъморчилик обидалари айтарлик, сақланиб колмаган.

Шаҳар илм-фан ва адабиётнинг ўчоғи ҳисобланган. Бу ердан ислом фиқҳшунослиги ривожига катта ҳисса қўшган Бурҳониддин ал-Марғиноний етишиб чиққан. Унинг исломий қонун-қоидалар баён этилган “Ҳидоя” асари ҳозир ҳам кўпгина мусулмон ўлкаларида асосий қўлланма-дарслик вазифасини ўтамокда. Шунингдек, Нодираи давроннинг устози, машҳур шоира Увайсий ҳам Марғилонда камол топган.

Буюк ўзбек адиби Абдулла Қодирий “Ўтган кунлар” асарининг бош қаҳрамони Кумушбибини Марғилондан танлаган. Қодирийдан бунинг сабабини сўраганларида у шундай жавоб берган экан: “Мен Марғилонда ҳақиқий ўзбекона ҳаё ва ибо, шунингдек бошқа эзгу фазилатлар йиғиндисини кўрдим”. Марғилонликлар ҳам водийликларга хос одамохунлик ва дилкашликдан маҳрум эмас. Ҳар қандай йиғин ўйин-кулги ва қўшиқсиз ўтмайди. Марғилонни санъаткорлар шаҳри деса ҳам бўлади. Маъмуржон Узоқов ва Жўрахон Султонов каби машҳур ҳофизлар, Юсуфжон қизиқ ва Охунжон қизиқ каби сўз усталари айнан шу шаҳарда яшаб, ижод қилишган. Халқимизнинг севимли хонандаси Юлдуз Усмонова ҳам марғилонлик.

Ҳозирги кунда ҳам Марғилонда Кумушбиби, Уста Олим ва Мирзакарим Қутидор сингари покдомон, қалби дунё одамлар яшайди. Ҳали бу шаҳар кўплаб истеъдодларга бешик бўлади.

Давронбек ТОЖИАЛИЕВ тайёрлади.

«Эрудит» газетаси, 27.10.2001

[singlepic id=29 w=500 h=500 float=center]

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *